Кўп ташкилотлар аризалар ва анкеталарни PDF қилиб юборади: “чоп этинг, тўлдиринг, имзоланг, сканер қилиб қайтаринг”. Бу ишни қоғозсиз ҳам қилиш мумкин. Ofisbop PDF кўргичида формани тўлдирасиз, имзо қўясиз ва натижани оддий PDF қилиб сақлайсиз — файл компьютерингиздан чиқмайди.
PDF га имзо қўйиш: қадамлар
- PDF ни очинг. Бош ойнадаги PDF қаторида Imzolash ни босинг ва файлни танланг. Ёки PDF ни одатдагидек очинг ва юқоридаги Toʻldirish va imzo бўлимига ўтинг.
- Имзо яратинг. Imzo qoʻyish ойнасида уч усулдан бирини танланг: Chizish — сичқонча ёки бармоқ билан; Yozish — исм-фамилияни киритинг, қўлёзма услубини танланг; Rasmdan — оқ қоғозга қўйилган имзонинг расми (оқ фон автоматик олиб ташланади).
- Жойлаштиринг. Joylashtirish ни босинг ва имзо турадиган жойга босинг. Имзони судраб суриш, бурчакдаги тутқич билан катталаштириш ёки кичрайтириш мумкин.
- Сақланг. Saqlash (Ctrl+S) — имзо PDF нинг ўзига ёзилади ва исталган PDF дастурида кўринади.
Имзо қаерда сақланади? Imzoni shu qurilmada eslab qolish белгиланган бўлса, имзо фақат сизнинг компьютерингиз ёки телефонингизда сақланади ва кейинги сафар бир босишда қўйилади. У ҳеч қаерга юборилмайди.
Эслатма: бу — ҳужжатга қўйилган имзо тасвири. У қоғоздаги имзонинг ўрнини босади, лекин электрон рақамли имзо (ЭРИ) эмас. Давлат хизматлари ёки банк ЭРИ талаб қилса, махсус калит ва дастурдан фойдаланинг.
PDF формани тўлдириш
Айрим PDF ларда тўлдириладиган майдонлар бўлади (исм, сана, белги катакчалари). Ofisbop бундай файлни очганда буни айтади — майдонга босиб ёзасиз, катакчани белгилайсиз, рўйхатдан танлайсиз. Maydonlar тугмаси барча тўлдириладиган жойларни сариқ рангда ажратиб кўрсатади.
Майдонлари йўқ PDF (масалан, сканер қилинган бланк) учун Toʻldirish va imzo бўлимидаги асбоблар:
- Matn yozish — исталган жойга босиб ёзасиз; ўзбекча (ў, ғ), кирилл ва бошқа ҳарфлар тўғри чиқади
- Belgi ✓ ва Belgi ✗ — катакчаларни белгилаш учун
- Sana — бугунги сана бир босишда
- Rasm — муҳр ёки логотип расми
Изоҳ, маркер ва чизиш
Ҳужжатни текшираётганда Izoh бўлими қулай: матнни белгилаб Marker, Tagiga chizish ёки Ustidan chizish; саҳифага ёпишқоқ Izoh yozish; Qalam билан қўлда чизиш. Барча изоҳлар PDF га стандарт кўринишда ёзилади — ҳамкасбингиз уларни ўз дастурида кўради. Чап панелдаги Izohlar roʻyxati ҳаммасини саҳифалар бўйича кўрсатади.
Кўп бериладиган саволлар
Имзо қўйилган PDF бошқа дастурларда кўринадими?
Ҳа. Имзо, матн ва изоҳлар PDF стандартидаги изоҳлар сифатида, ташқи кўриниши билан ёзилади, шунинг учун браузер, телефон ва бошқа PDF дастурларида ҳам бир хил кўринади ва чоп этилади.
Парол билан ҳимояланган PDF га имзо қўйса бўладими?
Файл муаллифи ўзгартиришга рухсат берган бўлса — ҳа: Ofisbop паролни сўрайди, ўзгаришлар билан сақланган нусха эса паролсиз бўлади (дастур буни олдиндан айтади). Муаллиф ўзгартиришни тақиқлаган бўлса, файлни фақат кўриш ва чоп этиш мумкин.
Телефонда ҳам ишлайдими?
Ҳа. Android версиясида имзони бармоқ билан чизасиз, пастки панелдаги Imzo тугмаси барча тўлдириш асбобларини очади.